Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi

 2021-07-11 11:10:00 896 Chop etish

Давлатимиз раҳбарининг озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини сифатли чорва ва парранда гўшти билан узлуксиз таъминлашни кўзлаган қарорлари ижроси юзасидан жойларда ўтган давр мобайнида сармоядорларга ҳамда фаолиятини йўлга қўйишни ният қилган тадбиркорларга ер майдонлари ажратиб бериш, уларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш кенг йўлга қўйилди.

Кўпгина тадбиркорлар давлатимиз раҳбарининг бу имкониятларидан унумли фойдаланиб, айни пайтда қўшимча ишчи ўринлари ҳам ташкил қилишди. Бу борада туманимизда ҳам ибратли ишлар амалга оширилган.

Аммо...

Ҳамма жойда аҳвол бир хилда эмас. 2019 йилда Навхос қишлоғи ҳудудидан бир гуруҳ тадбиркорга туман ҳокими қарори билан қуёнчилик, паррандачилик, бедана ва курка парваришлашлари учун жами 20 гектар ер майдонлари ажратиб берилганди. Ҳар бир лойиҳанинг катта ва кичиклигига қараб 25 сотихдан бир гектаргача майдонлар ажратилган.

Тадбиркорлар бу ер майдонида ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун мўлжалланган бинолар қуришлари керак эди

Икки йил олдин ўзига хос мажмуа бўлиши кутилган ер майдонлари кимсасиз ва қаровсиз ҳолга келиб келган.

Тадбиркорлардан бири ярим гектар майдонда қуёнхона қургану...қуён зоти йўқ. Чорвачилик йўналишида ажратилган ер майдонида қурилган молхонада эса атиги ўн бош қорамол боқилаяпти.Ҳатто баъзи лойиҳа эгалари бирорта қурилиш қилмай, шу ерда шоли экиб ўтирган тадбиркорлар ҳам бор.

Нимага шундай бўлди?...

Бунинг сабабини қарор чиқарилгану унинг ижроси масъуллар томонидан назорат қилинмагани билан изоҳлаш мумкин. Орадан шунча муддат ўтсада лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилиниши учун масъул бўлган шахслар тадбиркорлар муаммолари билан қизиқишмаган, уларни қўллаб-қувватлашмаган. Натижада шундай вазият юзага келган, ажратилган  ерлардан неча мавсумки самарасиз фойдаланилган.

Қолаверса, қарорларда ер ажратилган тадбиркорларнинг зиммаларига олган мажбуриятлари бажарилишига ҳам панжа остидан қаралган.

Туман ҳокими Муродбек Давлатов мазкур ҳудудда бўлиб, лойиҳа эгалари билан суҳбатлашди. Ўтган даврда иш бошлашлари учун юзага келган муаммолар билан қизиқди.

Кўзда тутилган лойиҳалар дастури қайта кўриб чиқилиб, ер майдонларидан унум билан фойдаланиш, чорва, қуёнчилик, курка ва бошқа паррандачиликка ихтисослашган мажмуаларни қуриш ва ривожлантириш бўйича пухта таклифлар ишлаб чиқиш, тадбиркорларга кредитлар ажратиш каби долзарб масалалар бўйича масъулларга топшириқлар берди.