+998623991673
Хонқа тумани. Хонқа шаҳарчаси Халқлар дўстлиги кўчаси 30 уй, 220800
ХОНҚА ТУМАН ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ...
Ноябрь 08, 2022 Xo'janiyazov Shohrux 166

ХОНҚА ТУМАН ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ САРВАР НИЯЗОВНИНГ ҲИСОБОТИ ВА ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТИ

 

 Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди. 

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда туманимизнинг барча махаллаларидан жами 841 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022-йилнинг 10 ойи давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманнинг барча махалла ва қишлоқларида жами 15 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 975 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.  

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Хонқа туманида
2,0 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 289 та корхонанинг 898 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 661 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Хонқа туман давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 356 та корхонадаги 817 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

 Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 141 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 249 нафар, қурилиш корхоналарида 171 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 331 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 251,8 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020 йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса  
5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан
15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Хонқалик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,2 баравар кўпайган.

Бундан ташқари, бошқа солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 182 корхонада 484.8 миллион сўм пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

2022-йилнинг 10 ойи давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 66.9 миллиард сўм миқдорида солиқлар тўланиб, белгиланган прогноз режаси 11.8 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 46.1 миллиард сўми, яъни 68,9 фоизи юридик шахслар, 20.8 миллиард сўми ёки 31,1 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

 Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг
27.0 миллиард сўм ёки 40.3 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 20.5 миллиард сўм ёки 30.6 фоизини юридик ва жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 19.4 миллиард сўм ёки 29.1 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Ҳурматли тадбиркорлар энди харид суммасидан 1 фоизли кешбек олиш, “Солиқ ҳамкор” тизимларининг жорий этилишига ҳам тўхталиб ўтадиган бўлсам — бу тизим мижозларни жалб қилишга қаратилган махсус бонус дастурларининг бир тури бўлиб, солиқ тизимида самарали қўлланиб келиняпти.

Тўғриси, солиқчилар яқин пайтгача фақат солиқ йиғиш билан шуғулланиб келган. Президентимизнинг 2021-йил 4-октябрдаги қарорига асосан, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт ҳажмини қисқартириш мақсадида харид суммасидан 1 фоиз миқдорда кешбек қайтариш механизми жорий этилди. 

Маълумки, ҳар бир тадбиркорлик нуқтаси маҳсулот сотса QR коди бўлган фискал чек бериши шарт. Агар улар бундай чекни бермаса ёки пластик картада савдо қилишни истамаса, харидор дўконда тортишиб ўтирмай, бу ҳақда “Солиқ ҳамкор” тизими орқали хабар бериши мумкин. Албатта, бунда мурожаат қанчалик асосли эканлиги жиддий текширилади. Қоидабузарлик ҳолатлари тасдиқланган тақдирда мурожаатчи — солиқ ҳамкор орқали ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.

“Солиқ ҳамкор” дастури орқали келиб тушаётган мурожаатлар дастлаб солиқ ходимлари томонидан яхшилаб ўрганиб чиқилади агарда рад қилиш учун асос бўлсагина рад қилинади.

Ўрганиш жараёнида мурожаатда қайд этилган ҳолат исботланган тақдирдагина ушбу ҳолат юзасидан қонунчилик доирасида чоралар кўрилиши мумкин. Мурожаат исботланмаса, ҳеч қандай чора кўрилмайди.

Давлат солиқ идоралари томонидан асоссиз тадбиркорлик фаолиятига аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

  Ҳурматли тадбиркорлар!

 Хоразм вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

 


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK
Оммабоб янгиликлар

Хонқа туман ҳокимига мурожаат юбориш
Сизга Хонқа туман ҳокимига электрон имзодан фойдаланмаган ҳолда бевосита электрон тарзда мурожаатларни юбориш имкониятини тақдим этади. Сизнинг мурожаатингизга тез кунда жавоб берилади.