Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi
ОИВ ВА ОИТС ЮКУМЛИ КАСАЛЛИК
Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Дунёда ОИВ инфекцияси эпидемияси тез суръатлар билан тарқалмоқда. Сўнгги 20 йил давомида ОИТСдан 20 млн.дан зиёд одам вафот этди, қарийб 50 млн. киши касалланган. Ушбу инфекциянинг тарқалишига қарши курашишга бутун дунё давлатлари алоҳида эътибор қаратиб, ҳар йили “1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни” кенг нишонланмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида” 2013 йил 23 сентябрда ЎРҚ-353-сонли Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонуннинг 3-моддасида қуйидаги асосий тушунчаларга таъриф бериб ўтилган. Унга кўра, одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) - одамнинг сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллигини қўзғатувчи; ОИВ инфекцияси - одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллиги; ОИВни юқтириб олганлар - одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар; орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) - одамнинг иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимини шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичи кабилардир. Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги нафақат шахснинг ҳаёти ёки соғлиғидан маҳрум қилган ҳолатлар учун жавобгарлик ўрнатади, балки шахснинг ҳаёти ёки соғлиғини реал хавф остига қўядиган ижтимоий хавфли қилмишлар учун ҳам жавобгарлик белгилайди. Шунинг учун ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши натижасида инсон ҳаёти ёки соғлиғини хавф остига қўядиган тажовузлардан муҳофаза қилиш жиноят ҳуқуқининг долзарб вазифаларидан бири сифатида баҳоланади. Инсон ҳаёти, соғлиги ва унинг дахлсизлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, унинг барча имкониятларини ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган шартшароитни яратиш давлат ҳокимияти органларининг диққат марказида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг асосини ташкил этади. Ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли жиноятлар туркумига таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасида кўрсатилиб, ушбу моддада жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ касаллигининг тарқалишига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ1023-сон қарорига кўра, Республикада ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштирувчи Бош вазир раҳбарилик қилувчи Республика комиссияси ташкил этилган ва “ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича чоратадбирларни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси тўғрисида Низом” тасдиқланган. Шунингдек, мазкур Қарор билан Республика ОИТСга қарши кураш маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Қарорига асосан 2019 йилда Ички ишлар вазирлиги тизимида ОИВ инфекцияларини тарқатишга қарши курашиш бўлим ва бўлинмалари ташкил этилганидан сўнг, ОИВ инфекцияларини тарқалишига олдини олиш йўналишида ҳамкорликда бир қатор тезкор профилактик ва ташвиқот-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу турда содир этилган жиноятларга қарши курашиш самарадорлиги бошқа жиноят турларида бўлгани каби, жиноятчи шахси билан ишлаш ва унинг шахсига оид маълумотларни таҳлил қилиш, ўрганиш асосида тезкор қидирув фаолиятини амалга ошириш фаолиятини тўғри ташкил этиш ва ўтказиш билан аҳамиятли ҳисобланади. Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозимки, жиноят қонунчилигида белгиланган, таносил ёки ОИВ касаллиги (ОИТС)ни тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг жиноий-ҳуқуқий тавсифи, тушунчалар ва унинг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ушбу турдаги жиноятларга қарши курашишни ҳуқуқий жиҳатдан асослаш билан бирга, қарши курашиш субъектларининг ҳатти ҳаракатларини тартибга солиш, уларнинг ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши белгиланган фаолият механизмларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш, фаолият натижаларини тегишли тартибда хужжатлаштириш, ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш самарадорлигига эришиш имконини бериши билан ўз аҳамиятига эга ҳисобланади.
Муродбек Юсупов, Хонка тумани ИИБ