Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi
Ижтимоий тармоқларда “Овқат емаганимга анча бўлди. Менга бир нарса бўлса, вояга етмаган болаларим қийналиб қолади!” – ССВ ва бошқа ташкилотларга очиқ мурожаат” мазмунида хабар ва унга илова қилинган фотолавҳалар тарқалган эди.
Унда Хонқа тумани, Намуна кишлоғи, Ёш-куч маҳалласида яшовчи Ш. Аллаберганованинг соғлигида муаммолар борлиги, оилавий шароити оғирлиги, ҳеч қайси ташкилот ёрдам бермаётганлиги айтилган.
Мазкур мурожаат бўйича масъул ташкилотлар томонидан олинган маълумотларда қуйидагилар келтирилган:
“1970 йилда туғилган Ш. Аллаберганова туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 47-сон оилавий поликлиникаси оила шифокори хонасида диспансер назоратида туриб, мунтазам равишда стационар ва амбулатор шароитида даволаниб келмоқда.
2021 йил 24 апрелда кўп тармоқли марказий поликлинакасида мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва бир қатор касалликлар билан сурункали оғриб келаётгани аниқланди ва беморга касалликлари бўйича зарур тавсиялар берилди.
2021 йил 5 май куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтрология бўлимига стационар шароитда даволаниш учун 510-сонли ордер расмийлаштирилиб берилди. Шунингдек фуқаро 2021 йил 8 июнь куни туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига мурожаат қилди ва стационар шароитда даволаниш учун тиббиёт бўлими терапия бўлимига йўлланма расмийлаштириб берилди. 2021 йил 10 июнь куни у қайта мурожаат қилиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтрология бўлимига стационар шароитда даволаниш учун ордер беришларини сўради. Мутахассис томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб унга даволаниш учун 538-сонли ордер расмийлаштириб берилди.
Ш. Аллаберганованинг оиласи 2020 йил пандемия даврида “Темир дафтар”га киритилган ва шу даврда туман ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида жон бошига ҳар ойда 100 минг сўмдан пул маблағлари, “Вақф” фонди томонидан 500 минг сўм миқдордаги, шунингдек ҳомийлар томонидан ҳам мунтазам озиқ-овқат маҳсулотлари берилган.
Бундан ташқари туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 500 минг сўм ёрдам пули ажратилди.
Фуқаро Ш. Аллаберганова 14 ёшгача болаларга бериладиган моддий ёрдам, қизи С. Аллабергановага эса 2 ёшгача бўлган боласи учун нафақа пули олиб келади.
Бундан ташқари, Ш. Аллаберганова ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар дафтарига киритилган ва унга психологик тиббий ёрдамлар кўрсатилган.
Туман ҳокимлиги ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан мунтазам равишда Ш. Аллаберганованинг ҳолидан хабар олиб келинмоқда.