Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi
Расмий муносабат
БЛОГЕР ЖАНОБЛАРИ НЕГА ВАЗИЯТНИ ЧАЛКАШТИРМОҚДА?
Ижтимоий тармоқларда”Ҳокимлик мевали дарахтларни йўқ қилмоқчи!” сарлавҳаси остида тарқатилган видеолавҳада гўёки: “Уста Матқурбон” фермер хўжалигига тегишли боғ майдони чорвачиликка олиб бериляпти” деган иддаолар илгари сурилган.
Аввало, ушбу ер майдонлари кимга тегишли эканлиги ҳақида тўхталсак. “Уста Матқурбон” фермер хўжалиги Хонқа туман ҳокимининг 2016 йил 27 декабрдаги 1718қ-сонли қарорига асосан пахтачилик-ғаллачилик йўналишидан 1.7 гектар боғ ва 3 гектар токзорга мўлжалланган фермер хўжалигига айлантирилган. Аммо, “Уста Матқурбон” фермер хўжалиги томонидан ер майдонларида боғ ва токзорлар барпо қилинмасдан, 2017 йилдан буён
4 гектар ер майдонидан бошқа мақсадларда фойдаланилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тумандаги фермер хўжаликлари ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида “Уста Матқурбон” фермер хўжалигининг боғ майдонлари ўз аризасига биноан 2019 йил 13 февралдаги 1020қ-сонли қарори билан туман ҳокимлиги заҳира фондига қайтариб олинган.
Хонқа туман солиқ инспекцияси томонидан 2021 йил 17 майда берилган 19/1-1958-сонли маълумотда “Уста Матқурбон” фермер хўжалигининг 2019 йил 1 февраль ҳолатига солиқ қарздорлиги 18 миллион 23 минг сўмни, ҳисобланган пеня 6 миллион 807 минг сўмни, 2019 йил 1 июнь ҳолатига эса солиқ қарздорлиги 18 миллион 057 минг, ҳисобланган пеня 7 миллион 781 минг сўмни ташкил қилган. Икки йил давомида ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиб келган С. Абдуллаев бу даврда на солиқ тўлаган, на ишчи ёллаган. Аксинча ер майдонларини ташландиқ ҳолга келтирган.
2021 йил 27 мартда “Хонқа ҳаёти” газетасининг 5-сонида 141, 142-контурларда жумладан мурожаатда кўрсатилган ер майдони қайта хатловдан ўтказишда жами 5.5 гектар ва шу контурдаги бошқа ер майдонлари чорвачилик йўналишида янгидан фермер хўжалиги ташкил қилиш учун танловга қўйилгани ҳақида эълон берилган. Санъат Абдуллаев ўзи томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний фойдаланиб келинган ер майдонлари танловга қўйилганлигини била туриб, мевали дарахт кўчатлари келтириб эккан. С. Абдуллаев Туркия фирмасидан дарахт кўчатлари олганини айтди, аммо фирма билан тузилган олди-сотди шартномасини тақдим қила олмади.
Хўш, икки йил олдин ҳоким заҳирасига қайтарилган ер майдонларидан С. Абдуллаев ноқонуний фойдаланиб келар экан, боғ қилиш нияти бўлса, нега ўтган даврда бу ишларни амалга оширмади? Нега туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилмади, икки йил давомида давлатга ҳосил топширмади, солиқ ва бошқа тўловларни тўлашни “унутди”?
Мутасаддилар томонидан барча саволларга қонуний тарзда жавоблар қайтарилган бўлсада, блогер жаноблари жараёнга нохолис ёндашиб мутасаддиларни масъулиятсизликда айбламоқда. Ажабланарлиси, қайта танлов жараёнида С. Абдуллаев ҳам холис кузатувчилар сифатида қатнашган, лекин мурожаатда нимага у ер майдони гўё ўзига тегишли эканлигини айтиб, бу борадаги қонуний ҳужжатларни тан олмайди.
Шунингдек, Видео мурожаатда 2021 йил 5 майда очиқ танловда қатнашиб, қонуний ютган Қодир Ҳайитовни “ер майдони тупроғини сотганликда” ноҳақ айблайди.
Бу бўйича 2021 йил 17 май куни ишчи гуруҳ жойнинг ўзига бориб, ўрганиш ўтказди. Аниқланишича “Истиқлол” маҳалласида яшовчи фуқаро Азиз Азизов 2021 йил бошидан буён ушбу бўш ётган ер майдонларидан тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан туриб, тупроқнинг унумдор қатламини ғишт қўйиш учун олиб келгани аниқланди ва маъмурий баённома расмийлаштирилди”.
Ушбу ҳолатлар бўйича ҳақиқатга аниқлик киритиш ва расмий муносабат тайёрланаётган жараёнда жаноб блогер яна ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди ва “Ҳокимлик мутасаддилари С. Абдуллаев ва Қ. Ҳайитовни уриштириш учун келишди” деган асоссиз туҳматларни тарқатди.
Аслида видеолавҳадаги ҳолатларни ўрганиш учун тузилган ишчи гуруҳи воқеа жойига бориб, С. Абдуллаевдан ҳужжатлар сўраётган вақтда ер майдонини танловда ютиб олган Қ. Ҳайитов билан жанжал чиқади. Воҳоланки ишчи гуруҳи аъзолари томонларни келиштиришга уринишади.
Ҳокимлик томонидан тузилган ишчи гуруҳи аъзоларига асоссиз бу тахлит туҳмат қилиш блогер учун нимага зарур, манфаат бормикан, ёки бу одатми? Билмадик!
Блогер жамоаси билан биргаликда С. Абдуллаев ҳоким қабулида бўлганида туман ҳокими М.Давлатов унга 2021 йил 5 майдаги танлов қонуний ўтгани, танлов жараёни видеотасмага ёзиб олингани, норози бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилиши мумкинлиги, боғдорчилик йўналиши бўйича фермерлик қилиш нияти бўлса, эълон қилинган тендерда қатнашиши ҳақида тушунтирди.
Хонқа туман ҳокимлиги ахборот хизмати.