Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi
“Хоразм вилояти, Хонқа туманидаги “Ёш куч” маҳалласининг ички йўллари аҳволини кўринг! Қишда лойга, ёзда чангга чидаб бўлмайди. Қўшни маҳаллалар таъмирланса, лекин бизнинг йўллар негадир эътибордан четда қолаяпти...”
Яқинда “Озодлик” радиотармоғи хизмати орқали тарқатилган хабар мазмуни шундай. Яна хабарга фотолавҳалар илова қилинган.
Бу хабар қай даражада ҳақлигига аниқлик киритиш учун “Ёш куч” маҳалласига бордик. Яқиндагина фойдаланишга топширилган йўлни кўздан кечирдик. Қайси лойу қайси чангли кўча ҳақида гап бораётганини билолмай бошимиз қотди!
Бу мавзуга ўтган олти ойда уч марта қайтганмиз.
Телеграмм каналларда ва “Ўзбекистон-24” телеканали янгиликлар дастурида Намуна қишлоғининг “Ёш куч” маҳалласидаги йўлларнинг носоз эканлиги ҳақида хабар тарқалгач, бу масалага ойдинлик киритиш учун “Хонқа туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбариятига мурожаат қилганмиз. Корхона раҳбари М. Абдуллаев ўша вақтда ушбу юзадан куйидагиларни билдирган:”Обод қишлоқ” дастури доирасида тумандаги “Ёш куч” маҳалласидан кесиб ўтувчи 4р156а йўли билан 4р170а йўлини боғловчи “Файз” кўчаси ички хўжалик йўли узунлиги 1.7 километрни ташкил қилиб, ушбу йўлни таъмирлаш 2019 йилда молиялаштирилмади.
Аҳоли мурожаатлари бўйича ушбу ички йўлни 2020 йилнинг 4 чорагида таъмирлаш ишлари режалаштирилган”.
Бутун жаҳонни қамраб олган пандемия шароитида айрим лойиҳаларни вақтинча молиялаштирмаслик борасидаги давлат раҳбари ва ҳукумат қарорлари туфайли бу жараён маълум муддатга кечиккани ҳақида ҳам маълумот бергандик.
Кейинчалик “Янги йилга –янги йўл” сарлавҳаси остида “Обод қишлоқ” дастури доирасида айнан “Ёш куч” ва “Мангулик” маҳаллаларидан кесиб ўтувчи “Файз” кўчасида “Санжар Жаҳон, Жасур” МЧЖ томонидан тошдан асос қуриш ишлари бошлангани ва йўл янги йилга фойдаланишга топширилиши ҳақида ёзганмиз.
Янги йил арафасида эса айнан ушбу кўча таъмирлангани ҳақида ҳам расман хабар бергандик.
Гап яна қайси йўл ҳақида кетаяпти?
Билмадик.
Бизни қизиқтиргани ва ҳайратлантиргани, ушбу лавҳани тасвирга туширган ва уни хориж ахборот воситасига юборган фуқароми ёки блогер бундан нима мақсадни кўзлагани. Ва яна билиб-билмай, текширилмаган маълумотни тарқатиш “Озодлик”ка нимага керак бўлиб қолди?
Тўғриси, “Озодлик” сўнги вақтларда юртимизда содир бўлаётган воқеаларга нохолис, ачинарлиси ғаразгўйлик мақсадида ёндошмоқда.
Муаммолар бор – уларни ҳеч ким инкор қилмайди. Пандемия шароитида дунёнинг барча давлатларида иқтисодий пасайиш кузатилмоқда. Бу эса айнан иқтисодий лойиҳаларни ўз вақтида амалиётга айлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Шундай шароитларда ҳам юртимизда қурилиш ва бошқа соҳалардаги кўрсаткич ўтган 2020 йилда 2019 йилга нисбатан анча юқори бўлганини қайд қилиш керак. Пандемия шароитида, айниқса қурувчилар ва йўлсозлар карантин нималигини билишмади. Натижада давлат ва маҳаллий дастурларда белгиланган кўпгина лойиҳалар ўз муддатларида амалга ошди.
Шу жумладан, хориж радиоси бор нарсани йўқ деб ишонтиришга уринган –“Ёш куч” маҳалласи ички йўлларини таъмирлаш ҳам.
Нима деймиз?
Адлу инсофни унутманг, воқеаликка реал кўз билан қаранг, деб қоламиз. Зеро, ёлғон маълумот тарқатиш ҳеч кимга наф келтирмайди.