Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi
2021 йил 22 апрель санасида “Haqiqat yolida” каналида “Хонқа туманида мактаб лойиҳасини ким ўзгартирди? Халқ нимадан норози?” сарлавҳали видеолавҳа тарқалди.
Аввало, сарлавҳадаги тушунмовчиликка, яъни “Мактаб лойиҳасини ким ўзгартирди” деган иддаога изоҳ бериб ўтиш керак. Аслида маҳаллада эскирган мактаб биноси ёнида қўшимча ўқув биноси қуриш бўйича лойиҳа ишланган.
Вилоят ва туман ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан тузилган ишчи гуруҳи масалани ўрганиб, бу борада аниқ асосланган таклифларини беришган.
Бошқа бирорта лойиҳа бўлмаган.
Маълумот ўрнида: Хонқа тумани Қирқёп қишлоғидаги “Хонқаобод” маҳалласида айни дамда 303та хонадонда 1608 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда. Ҳудудда ижтимоий объект сифатида 1973 йилда қурилган бино 150 ўринга мўлжалланган мактабга мослаштирилган.
Ҳозирги кунда мактабда 266 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Айни пайтда мактабнинг эски биноси яроқли ҳолатда эканлиги тўғрисида вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан хулоса берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги 4936-сонли “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Инвестиция дастурига биноан 4 миллиард 570 миллион сўм маблағ ажратилиб, ушбу мактабга қўшимча 330 ўринли ўқув биноси ҳамда спорт зал қуриш режалаштирилган.
Халқ депутатлари туман кенгашининг 2021 йил 12 январдаги қарори қўшимча ўқув биноси 43-сон умумтаълим мактаби ёнида жойлашиши депутатлар томонидан маъқулланиб, қабул қилинган.
Блогернинг “халқ норози” деган иддаолари нималардан иборат?
Бир гуруҳ фуқаролар фикрича ушбу мактабни“Хонқаобод” маҳалласининг янгидан ташкил қилинаётган аҳоли пунктида қуриш керак эмиш. Тўғри, сўнгги йилларда айнан шу ҳудудда 335 хонадонга мўлжалланган турар-жой қуриш учун ер участкалари аукцион савдолари орқали ажратилган. Аҳолининг турар-жой қуришлари ва кўчиб келишлари инобатга олиниб, айнан 43-сон умумтаълим мактабига қўшимча ўқув биноси қуриш зарурияти туғилган.
Ҳисоб-китобларга қараганда микроҳудуддаги 7 ёшгача бўлган болалар сонига нисбатан кейинги 7 йилда, яъни 2021-2028 йиллар оралиғида ўқувчи қуввати 68 нафарга қўпайиши кутилмоқда.
Ҳозирда таълим олаётган ўқувчилар сони ва ҳар йили янгидан қўшиладиган ўқувчилар сони ҳисобга олинганда 330 ўринли қўшимча ўқув биноси шу муддатда болаларни тўлиқ қамраб олиб, уларга замонавий талаблар асосида таълим бериш имконига эга бўлади.
Блогерга “ўз дардларини айтган” айрим фуқаролар гўё “масофа узоқлиги”ни пеш қилишади. Аслида 2016 йил 22 декабрда тасдиқланган СанПин №0341-16 талабларига мувофиқ қишлоқ ҳудудида мактаб жойлашган масофа 3 километрдан ошмаслиги керак. Мактаб жойлашган манзил маҳалла ҳудудидаги энг чекка жойдан ҳисоблаганда
1.5 километрни ташкил қилади. Оралиқ масофа СанПин меъёрларига тўла мос келади.
Ушбу видеолавҳа тарқалгач маҳалла фуқаролари билан расмийларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда вилоят ҳокими ўринбосари С. Салаев, туман ҳокими М.Давлатов, вилоят Ягона буюртмачи хизмати инжинеринг компанияси бош муҳандиси Б. Сапаев, халқ депутатлари туман кенгаши депутати
Ф. Каримов ва бошқалар сўзга чиқиб, мактабга қўшимча ўқув биноси қурилиши бўйича тегишли тартибда тушунтириш бердилар.
Яъни ҳозирда кўп ўринли янги мактаб қурилишига эҳтиёж йўқлигини асослаб беришди. Ушбу 330 ўринли қўшимча ўқув биноси 2028 йилгача бўлган даврда ҳудуддаги ўқувчиларни тўла қамраб олиш учун етади.
Вақт келиб, аҳоли ўсиши баробарида маҳаллада янги мактаб қурилади. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз аҳолининг ўсишини назарда тутган ҳолда ҳудудларда эҳтиёж юзага келганида янги мактаблар ва бошқа ҳаётий зарур инфратузилмалар қуриш бўйича таклифларни ўрганиб, қарорлар чиқаришмоқда.
Туман ҳокими М. Давлатов маҳаллада ўтказган сайёр қабуллари давомида масаланинг ана шу томонига ҳамиша эътибор қаратиб келмоқда. Зеро, юқорида эслатилган Президент Қарорига ушбу муддатда вилоятимизда қурилиши лозим бўлган ягона қўшимча ўқув биноси шу ҳудуддан киритилгани бежизга эмас. Бу айнан фуқаролар билан учрашувлар жараёнида тушган мурожаатлар асосидаги таклиф эътиборга олингани исботидир.
Блогер Қ. Шержанованинг юқоридаги Президент қарорига кўзи тушганми? Агар қўзи тушган бўлса...унда нега атай Президент қарорига қарши чиқиб, шу юзадан уч-тўрт нафар фуқаронинг фикрини “бутун маҳалла (ҳатто халқ норози деган шаклда) фикри деб” аслида маҳалла аҳли фикрига қарши қўйди?
Агарда Президент қароридан бехабар экан...унда бу блогернинг шахсий муаммоси.
Биз ҳурматли блогерга ҳар бир мурожаатни ўрганиш жараёнида масаланинг барча томонларини инобатга олиш, масалага холис нуқтаи назардан қараш кераклигини эслатамиз.
Зеро, холислик ахборот тарқатишнинг бош мезонидир!