Hurmatli fuqarolar! Rasmiy veb-saytimizda texnik ishlar olib borilayotganligi munosabati bilan qisqa uzilishlar yuzaga kelishi mumkin. Keltirilgan noqulayliklar uchun uzr so‘raymiz.

Tizimda navbatdagi tayinlovlar amalga oshirildi

 2021-01-12 11:10:41 674 Chop etish

IV боб. Сессияда қарорлар қабул қилиш ва уларни эълон қилиш тартиби

26-модда. Сессияда қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.

Электрон овоз бериш тизимлари ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

27-модда. Кенгаш депутати ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.

Ҳар бир Кенгаш депутати бир овозга эга бўлади ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради.

Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган Кенгаш депутати кейинчалик овоз беришга ҳақли эмас.

Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни санамасдан, агар фақат Кенгаш депутатларидан ҳеч бири бошқача тартибни таклиф этмаса ёки овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилмаса, ўтказилиши мумкин.

28-модда. Сессияларда яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун Кенгаш депутатлари орасидан саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

29-модда. Сессияда яширин овоз беришни бюллетенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.

Яширин овоз бериш ўтказиладиган вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.

30-модда. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганида саноқ комиссияси ҳар бир Кенгаш депутатига биттадан бюллетень беради.

Бюллетенни тўлдириш Кенгаш депутати томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетендаги ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод фамилиясининг қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка белги-крестик қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни ёқлаб овоз бераётган бўлса, «қаршиман» деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қарорга (қарор вариантига) қарши овоз бераётган бўлса, ёхуд «ёқлайман» деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.

Белгиланмаган шаклдаги бюллетенлар, шунингдек Кенгаш депутатларининг хоҳиш-иродасини аниқлашга имкон бермаган бюллетенлар Кенгаш депутатларининг овозларини ҳисоблаб чиқиш вақтида ҳақиқий эмас деб топилади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида эътиборга олинмайди.

31-модда. Агар сессияда электрон овоз бериш тизими ёрдамида яширин овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, саноқ комиссияси овоз бериш бошланишидан олдин электрон тизимнинг созлигини текшириши ҳамда яширин овоз бериш учун Кенгаш депутатлари умумий сони бўйича карточкаларнинг тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.

32-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади, у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Саноқ комиссиясининг маърузасига асосан халқ депутатлари Кенгаши яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида очиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилади.

33-модда. Сессияда қабул қилинган қарорлар раислик қилувчи томонидан имзоланган вақтдан эътиборан, агар ҳужжатнинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кучга киради.

Халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар тегишли ҳудудда жойлашган барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари унинг доимий комиссияларига, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, тегишли давлат органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахсларга ва қуйи турувчи ҳокимликларга тарқатилади.

Тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сессияда қабул қилинган қарорлар ва бошқа муҳим қарорлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

V боб. Туман ҳокими — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарини тасдиқлаш тартиби

34-модда. Туман ҳокими — халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодлари вилоят ҳокими томонидан халқ депутатлари туман Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

35-модда. Туман ҳокими — халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала тегишли халқ депутатлари Кенгаши вилоят ҳокими томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан, қоида тариқасида, уч кун ичида кўриб чиқилади.

36-модда. Туман ҳокими — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 10 дақиқагача вақт ажратилади.

37-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг туман ҳокими — халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида вилоят ҳокимига юборилади.

38-модда. Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган туман, шаҳар ҳокими — халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

VI боб. Доимий ва муваққат комиссиялар

39-модда. Халқ депутатлари Кенгаши сессияга киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш учун ўз ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида фаолиятни амалга оширувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши ҳамда улар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Доимий ва муваққат комиссиялар раислигига ҳамда аъзолигига номзодлар сессияга ҳоким — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан тақдим этилади.

Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан сайланади.

Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки комиссиянинг бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки комиссия бутун таркиби бўйича Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

40-модда. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади. Халқ депутатлари Кенгаши таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича;

ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

 

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Доимий комиссиялар фаолияти халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган Халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

41-модда. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида раис ўринбосарлари ва котибларини сайлайди.

Халқ депутатлари Кенгашининг депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин. Доимий комиссия таркибига кирмаган Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгаши олдида масъул ва унга ҳисобдордир.

42-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширади.

Доимий комиссиянинг сессиялар оралиғида ўтказиладиган мажлисларида иш режасига тегишли ўзгартишлар киритилиши мумкин, кейинчалик улар сессия тасдиғига киритилади.

43-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади.

Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ойда камида бир марта ўтказилади.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.

44-модда. Халқ депутатлари Кенгаши аниқ вазифаларни бажариш учун Кенгаш депутатлари орасидан муваққат комиссия тузиши мумкин.

Муваққат комиссия тузиш тўғрисидаги қарор сессияда қабул қилинади.

Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.

Муваққат комиссиянинг вазифалари халқ депутатлари Кенгаши қарори билан белгиланади.

45-модда. Доимий ва муваққат комиссияларнинг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлади ва улар томонидан кўриб чиқилиб, кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёки кўрилган чора-тадбирлар ҳақида бир ойлик муддатда хабар қилиниши шарт.

VII боб. Депутатлик фаолиятини амалга ошириш шакллари

46-модда. Кенгаш депутатининг ҳар бири сессия, доимий ва муваққат комиссиялар ишида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Кенгаш депутати ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.

47-модда.  Сиёсий партиялардан сайланган депутатлар  депутатлар гуруҳларига бирлашишлари мумкин.

Ҳар бир депутатлар гуруҳи сессия муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Депутатлар гуруҳи тузиш тўғрисидаги ариза ва бошқа ҳужжатлар сессияга тақдим этилади. Депутатлар гуруҳи ўз фаолиятини сессияда депутатлар гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бошлайди.

Депутатлик гуруҳи бир сиёсий партиядан сайланган камида                         3 нафар депутат бирлашган тақдирда рўйхатга олиниши мумкин.

Депутатлар гуруҳи доимий комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.

48-модда. Партия гуруҳлари сиёсий партиялардан кўрсатилган Кенгаш депутатларининг таъсис йиғилишларида ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан халқ депутатлари Кенгаши томонидан рўйхатга олинади.

Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сессия кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш;

сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши;

ҳоким — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари бошлиқларига, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш;

доимий ва муваққат комиссиялар раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини Кенгаш депутатлари орасида тарқатиш;

халқ депутатлари Кенгаши депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

Партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъминланади.

49-модда. Кенгаш депутати сессияда кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Кенгаш депутати:

доимий ҳамда муваққат комиссияларга сайлаш ва сайланишга;

сессияда кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

сессия кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритишга;

халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

музокараларда иштирок этишга, маърузачи, қўшимча маърузачи ва сессияда раислик қилувчига саволлар беришга;

депутат сўрови билан мурожаат этишга;

ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан маълумот беришга;

сессияда раислик қилувчига сессияда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазасининг матнини топширишга;

таркибига ўзи кирган халқ депутатлари Кенгаши органининг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини сессияда баён қилишга ёки бу ҳақда Кенгаш раҳбарига ёзма шаклда маълум қилишга;

халқ депутатлари Кенгашига ҳисобдор бўлган ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини сессияларда эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижро этилиши, шунингдек халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг бажарилиши юзасидан текширишлар ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқилиши учун таклиф этишга;

сессия баённомаси ва стенограммаси билан белгиланган тартибда танишишга ҳақли.

Кенгаш депутати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

50-модда. Кенгаш депутати:

сессия самарали ишлашига кўмаклашиши, сессия вақтини тежаши;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентига риоя қилиши ва сессияда раислик қилувчининг талабларини бажариши;

фақат сессияда раислик қилувчининг рухсати билангина сўзга чиқиши;

Депутатлик одоби қоидаларига риоя қилиши;

сессияда иштирок этиши ва унинг ишида фаол қатнашиши;

ўзи таркибига сайланган доимий ёки муваққат комиссиялар мажлисларида иштирок этиши;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда овоз беришда шахсан иштирок этиши шарт.

Кенгаш депутати сессияда, ўзи таркибига кирган доимий ёки муваққат комиссия мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда тегишинча ҳоким — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига, сессияда раислик қилувчига ёхуд доимий ёки муваққат комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.

51-модда. Кенгаш депутати тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб юборишлари шарт.

Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги аниқ ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутат сўровлари бўйича ахборот сессияда ёки доимий ёхуд муваққат комиссиялар мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.

52-модда. Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишли ҳудуд прокурори ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси халқ депутатлари Кенгаши томонидан сессияда кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори тегишли прокурорга дарҳол юборилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.

53-модда. Кенгаш депутати Депутатлик одоби қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Кенгаш депутатининг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Депутатлик одоби қоидалари бузилган тақдирда Кенгаш депутатининг хулқ-атвори тўғрисидаги масала халқ депутатлари Кенгаши томонидан ёхуд унинг топшириғига кўра регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

VIII боб. Якунловчи қоидалар

54-модда. Халқ депутатлари Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан таъминланади.

55-модда. Тегишли ҳокимликлар Кенгаш депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.

Кенгаш депутатига техник воситалар, алоқа воситалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади.

56-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг регламенти, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг регламентига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар доимий комиссиялар, депутатлар гуруҳлари, партия гуруҳлари, Кенгаш депутатлари томонидан киритилиши мумкин ва сессия кун тартиби лойиҳасига киритилади ҳамда биринчи навбатда кўриб чиқилади.

57-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг регламентида назарда тутилмаган халқ депутатлари Кенгаши фаолиятига доир масалаларни сессияда кўриб чиқиш тартиб-таомиллари сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома тарзида расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.